Ҳолливудлик машҳур кинорежиссёр Жеймс Камерон сув остидаги энг қуйи нуқта - Мариана чуқурлигига саёҳат қилиб, Тинч океани юзига соғ-саломат қайтишга муваффақ бўлди.
"Жеймс Камерон океан тубидан чиқди! Биз уни океаннинг энг қуйи нуқтасига якка ўзи тушиб чиққани билан табриклаймиз", - дея хабар беради Deep Sea Challenge ташкилотчиси ўзининг Twitter микроблогида.
Мариана чуқурлигига кинорежиссёр океан тубига шўнғишидан икки соат ўтиб, маҳаллий эрталаб соат 7:52 етиб борган.
"Титаник" фильмининг режиссёри 11 километрлик сув сув қаърига Deepsea Challenger номли махсус тайёрланган батискафда тушган.
Ушбу батискафда режиссёр 10 соат бўлиб, уларнинг 6 соатини Тинч океанидаги Гуам оролидан тахминан 320 километр жануби-ғарбда жойлашган Марианна чуқурлигини суратга олиш ва тадқиқ этишга бағишлаган.
Яшил рангли сув ости кемасининг оғирлиги 11 тонна, узунлиги эса 7 метрдир. Батискаф сув қаърига вертикал ҳолатда тушган.
Жеймс Камерон жойлашган бўлинма жуда кичкина бўлиб, ушбу метал сферанинг ички диаметри бор-йўғи 109 сантиметр бўлган.
Режиссёрга бутун саёҳат жараёнида бир ҳолатда оёқ-қўлини чўзмасдан ўтиришга тўғри келган.
Сув ости кемасининг қолган қисмлари махсус синтактик матоҳдан қилинган. Ярим аср муқаддам
Инсоният тарихида Марианна чуқурлигига бор-йўғи бир марта - 1960 йилда АҚШ ҳарбий денгиз кучлари лейтинанти Дон Уолш ва швейцариялик тадқиқотчи Жак Пикар тушганлар.
Ўшанда улар сув қаърида ҳаммаси бўлиб 20 минутча турганлар, аммо океан тубига тушиш пайти кўп қум ва лой кўтарилгани учун тадқиқотчилар ернинг энг қуйи нуқтасини яхшилаб кўриш имконига эга бўлишмаган.
Дон Уолш ўз саёҳатидан ярим аср ўтиб, Камерон жамоасига қўшилган.
У орадан 50 йил ўтиб, ер қаърига яна кимдир тушганидан бахтиёр эканини айтган.
|