"Ёшлар” телеканалида намойиш қилинаётган "Келин” сериали аллақачон ўз мухлисларини топиб улгурди. Кўплаб мухлисларимизнинг талаб ва истакларига биноан ушбу сериалда Фотима ролини ижро этган актриса Яғмур Кашифўғлу ҳақида ҳикоя қиламиз...
Яғмур оддий котибаликдан машҳур актриса даражасига эришгунча катта йўлни матонат билан босиб ўтди. Аслида у "Олов рақси” сериали орқали танилган. "Гул сўлган жой” бадиий фильмидаги иштирокидан сўнг эса янада "порлади". Актриса ҳаётдан шу қадар мамнунки, ҳаёт ҳақида гапирганда ижобий қуввати сизга ҳам ўтади. Актриса доимо журналистлар қуршовида.
— Оилангиз ҳақида нима дейсиз?
— Отам собиқ футболчи, онам энага эди. Акам бир телеканалда ишларди. Оддий оила эдик.
— Актрисаликни танлашингизга нима туртки бўлди?
— Болалигимдан балет раққосаси бўлишни орзу қилардим. Шу боис, Истанбул Давлат консерваториясининг балет бўлимида таҳсил олганман. Афсуски, 19 ёшимда белимдан жиддий жароҳат олдим, шу боис балетдан кетишга мажбур бўлдим. Кўп ўтмай, "Med Yapım” ширкатида фаолият бошладим. У ерда икки йил ишладим. Аслида ишлашим чорасизликдан эди. Қиладиган бошқа иш йўқ, бошқа ҳеч нарсани билмасдим. Бу ерда машҳур актёр ва актрисаларнинг шоу дастурлари суратга олинарди. Уларни ҳавас билан кузатардим. Режиссёрларимиз "Яғмур ҳам гўзал, ҳам бизга таниш қиз. Шуни ҳам бир реклама ролигида синаб кўрайлик”, деб қолишди. Реклама ролиги кутилганидан ҳам аъло чиқди. Шу боис "Умид” номли сериалдан таклиф тушди. Уч-тўрт қисмдан сўнг "Олов рақси” сериалида иштирокимни бошладим.
— Кейин-чи?
— Кейин актрисаликка секин-аста кўника бошладим. Қарасам, завқли касб. "Мен бу соҳанинг мактабида ўқийман”, дедим ва Истанбул академиясига ўқишга кирдим. Қобилият сизни маълум бир жойгача олиб боради. Аммо пойдеворни мустаҳкам қилиш шарт. Университетда ўқиганман, деган гапнинг далдаси катта.
— Балет нима бўлди?
— Жароҳат сабаб у билан шуғулланишнинг имкони йўқ эди. Лекин тўрт йилдан буён ўқувчиларга балетдан сабоқ беряпман. Балет раққосалари кўп, аммо уларга иш топиш муаммо. Қолаверса, ўттиз икки ёшдан кейин балет билан шуғулланишнинг иложи бўлмай қолади.
— Ушбу сериал суратга олинаётган пайти Газиантепдан қатнаб ишлашимга тўғри келган. Бир куни суратга олиш майдончасига бир девдек эркак келиб, менга қараб, "Эъзозни тинч қўй, бўлмаса ўзим сени тинчитаман”, деб дўқ қила бошлаган.
— Сериалда охиригача иштирок этганмисиз?
— Йўқ, сериалнинг давоми Истанбулда суратга олина бошлангач, мен иштирок этмадим. Янги сценарий шуни талаб қилди. Шу боис, "Келин” тугамасидан "Қулай вақт” сериалида иштирокимни бошлаганман.
— Турмуш ўртоғингиз театр олами вакили. Кўплаб театр актёрлари фақат пул ишлаш учун сериалларда иштирок этади. Сиз-чи?
— Киноларнинг аҳволи барчага аён. Ҳолливуддаги сингари бизда ҳам йилига 150 та фильм суратга олинмайди-ку! Ҳа, сериаллардан яхши пул топса бўлади. Лекин фақат пул учун иштирок этмайман, у ҳам санъатнинг бир бўлаги.
— Ҳаётий фалсафангизни бир жумлада қандай ифода этасиз?