Бугун катта ўйин Ҳа, ўша кунга етиб келдик. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун Австралия олимпиячиларига қарши майдонга тушади. Лондон-2012 мусобақаларига бориш учун саралаш босқичининг охирги ўйинларидан бирини ўтказаяпмиз. Буёғига қолган ўйинлар кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ. Агар уларда ижобий натижани қайд этсак, марра бизники. Сезяпсизми, Лондонга боришимиз мумкин-а! Олимпиада! Бутун дунёнинг нигоҳи шу йигитларга қаратилади. Ёзда бутун дунё шу катта спорт тадбири билан яшайди. Аммо... Аммо, у ерга бориш осон иш эмас. Ҳар бир "тиш қайраб" турган жамоаларни енгиш талаб этилади. Энг камида уларга ҳам очко бермаслик керак бўлади. Вадим Абрамов шогирдларидан эса, шу нарсага умид қилиб қоламиз. Ҳозир заминимизда қиш фасли. Биласизки, ФИФА регламентларида совуқ ёки иссиқ деган тушунчалар йўқ. Қуръа биз учун шундай келди. Демак, бу йилги ўйинларни ўз майдонимизда қиш фаслида бошлаб берамиз. Профессионал футбол йил давомида ўйналади. Шундай экан, озгина бўлсада бор бўлган устунлигимиздан фойдаланиб қолишимиз зарур. Аниқ биламиз, Австралиянинг совуқ об- ҳаводаги имконияти ҳар ҳолда бизникидек эмас. Бундан эса, имкон қадар фойдаланиб қолишимиз даркор. Бугун ўйин Тошкент вақти билан соат 15.00да бошланади. Футболчиларимиз чиройли ўйин намойиш этишса, ҳатто изиллатадиган совуқда ҳам мухлислар стадионни тарк этишмайди. Севимли жамоалари билан бирга бўлишади. Эслатиб ўтамиз, бизнинг гуруҳдан ташқари бошқа гуруҳларда ҳам бугун учрашувлар бўлиб ўтади. Балки, 5 февралдаги ўйинлар Лондонга йўл оладиган жамоаларнинг номини белгилаб берар...