Мутахассислар Алишер Усмоновнинг Facebook акцияларининг 5,5 фоизини сотиб олгани Россияда бойлар қаторида биринчи ўринга эришганинига ҳисса қўшганини айтишмоқда. Баҳоси 4 миллиард доллар бўлган бу акциялар пакети кейинги йил ичида 9 баробарга қимматлагани эълон қилинди.
Ўзбекистонлик миллиардер россиялик яна бир ҳамкори Юрий Милнер билан бирга Facebook. Inc ширкатининг 10 фоиз ҳиссаларини сотиб олган.
Алишер Усмонов асос солган "Металлоинвест" ширкати Россиянинг энг йирик хомашё ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳисобланади. Усмоновга Digital Sky Technologies (DST) ширкатининг 80 фоизи ҳам тегишлидир.
Лондоннинг "Арсенал" футбол клубининг 27 фоиз ҳиссалари ҳам Алишер Усмоновга тегишлидир.
Алишер Усмонов Россияда энг йирик ҳомийлардан бири саналади. Унинг бошчилигида "Санъат, фан ва спорт” ҳомийлик жамғармаси ташкил этилган.
2008 йилдан буён у Халқаро қиличбозлик федерацияси президентидир.
57 ёшли Алишер Усмонов Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида, прокурор оиласида туғилган. 1976 йилда Москва халқаро муносабатлар давлат институтини битирган.
Bloomberg эълон қилган Миллиардерлар рўйхатида мексикалик Карлос Слим дунёдаги энг бадавлат одам мақомини сақлаб қолган. Bloomberg Карлос Слимга тегишли мулкни 68,4 миллиард доллар деб бахолади.
Microsoft ширкати асосчиларидан бири америкалик тадбиркор Билл Гейтс миллиардерлар рўйхатда иккинчи ўринни эгаллаган. Bloomberg маълумотларига кўра, ҳозирда Гейтсга тегишли бойлик 62,1 миллиард долларни ташкил этади.