![](http://s013.radikal.ru/i323/1201/1c/a7f7f2dd2f0e.jpg) Владивостокдан Тошкентга тўғри йўл Россия авиаширкатлари Ўзбекистонга авиақатновлар сонини оширишни давом эттирмоқда. Россиянинг Узоқ Шарқини Ўзбекистон билан боғлайдиган биринчи халқаро авиарейс ишга тушди. "Владивосток Авиа” авиакомпаниясининг ўзини Ольга деб таништирган матбуот котиби бу маълумотни тасдиқлаб, шундай деди. - Бизда Владивосток-Тошкент йўналиши бўйича сешанба кунлари тўғридан-тўғри рейслар, Сеул орқали эса душанба ва сешанба кунлари рейслар амалга оширилмоқда. Парвозлар 142 йўловчига мўлжалланган ва жуда қулай бўлган ТУ-204 ҳаво кемалари ёрдамида бажарилади. Самолётда 8 та бизнес ва 134 та эконом русумидаги ўриндиқлар бор. Демак, бу рейс орқали нафақат Приморье, балки Камчатка ва Сахалинда яшовчилар тўғридан-тўғри Тошкентга учиш имкониятига эга бўлди,- дейди "Владивосток Авиа” расмийси. Авиаширкат вакилининг келтирган маълумотларига кўра, Владивосток-Тошкент йўналишида ҳафтанинг сешанба кунлари парвоз қиладиган самолёт чиптаси камида 18 минг рубл, Тошкентдан Владивостокка учиш чиптаси нархи - камида 22 минг рублга баҳоланди. Чипталар нархларидаги бундай тафовутни матбуот котиби нархлар Ўзбекистон томони билан "келишилгани" тарзда белгилангани билан изоҳлади. "Владивосток Авиа” ширкати расмий сайтида келтирилган маълумотларга кўра, Приморье маркази Владивостокдан Тошкентгача бўладиган ўртача 8,5 соатлик парвоз Южно-Сахалинск – Владивосток ва Петропавловск-Камчатский – Владивосток рейслари билан бирлаштириш кўзда тутилган. Айни пайтда, 2011 йилнинг июн бошларида Тошкент – Владивосток – Тошкент йўналиши бўйича "Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкатига қарашли Boeing-757 самолётида чартер рейслари амалга оширилгани хабар қилинган эди. Авиаширкат расмийлари бу қатновлар фақат ёз фаслида йўловчиларнинг кўплиги ҳисобга олиниб йўлга қўйилгани, бироқ кузда Тошкентдан Владивостокка самолётлар доимий қатновда бўлишини ваъда қилган эди.
|