Forbes журнали «АҚШдаги энг бахтсиз шаҳарлар» рўйхатини тузди ва кўпчиликни ҳайрон қолдирган кўйи биринчиликни Майамига раво кўрди. Рўйхатни тузган мутахассисларнинг таъкидлашича, серқуёш Майами ўзининг ҳамашатли виллалари, меҳмонхоналари ва чиройли пляжлари билан бир қарашда «жаннатнинг бир бўлаги»га ўхшаб кетади, лекин аслида ундай эмас. Ушбу шаҳарда жиноятчилик юқори даражада, қолаверса, сўнгги йилларда бунга яна бир жиддий муаммо – турар жой инқирози ҳам қўшилди. «Майами аҳолисининг атиги 1 фоизи ҳаётини эртакларга ўхшатади, – дейди Forbes муҳаррири Курт Баденхаузен. – Қолганлар эса турмуш қийинликларидан шикоят қилади». Жаноб Баденхаузен шаҳарда камбағаллар ва бойлар ўртасидаги фарқ йилдан-йилга катталашиб бораётганини айтади. АҚШнинг собиқ автомобиль пойтахти Детройт «Бахтсиз шаҳарлар» рўйхатининг иккинчи ўрнидан жой олди, бу шаҳар жиноятчилик бўйича биринчи ўринда. General Motors компаниясининг асосий ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган Флинт шаҳри эса учинчиликни «эгаллади». Рўйхатнинг илк ўнталигида, шунингдек, қуйидаги шаҳарлар ҳам бор: Уэст-Палм-Бич (Флорида штати), Сакраменто (Калифорния), Чикаго (Иллинойс), Форт-Лодердейл (Флорида), Толидо (Огайо), Рокфорд (Иллинойс) ва Уоррен (Мичиган).