Хитой бўйлаб кезаётган автомобиллар сони бу мамлакат тарихида илк бор мотоцикллар сонидан ошиб кетди. Эндиликда Чин давлатидаги машиналар 100 миллион донадан кўпроқ. Мамлакат жамоатчилик хавфсизлиги вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, 2011 йилнинг ўзида автомобиллар сони 15 фоизга ошган. Хитой йўл полицияси маълумотларига қараганда, автомобилларнинг кўпчилик қисми, яъни 61 миллион донадан ортиғи хусусийдир. Автомобиллар сони бўйича етакчиликни пойтахт Пекин эгаллаб турибди. 2011 йил охирига қадар 4,7 миллион донадан ортиқ автомобил шу шаҳарда расмий рўйхатдан ўтган.