Бугун грециялик журналистлар иш ўринлари ва маошнинг қисқартирилишига қарши норозилик намойишини бошлашди. Оқибатда мамлакат нақ икки кун янгиликларсиз қоладиган бўлди. Норозилик намойишида давлат ва хусусий секторга қарашли барча оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашмоқда. Телеканаллар янгиликлар ўрнига илмий-оммабоп кўрсатувлар намойиш этяпти, радиостанцияларда эса фақат мусиқа янграяпти. Шунингдек, Афина ахборот агентлиги ҳам ўз фаолиятини тўхтатган. Интернетдаги янгиликлар сайтлари янгиланмаяпти, чоршанба ва пайшанба кунлари бирорта ҳам газета нашр этилмайди. Сўнгги икки йилда иқтисодий муаммолар туфайли Грециядаги иккита йирик газета ёпилди. Айни пайтда хусусий «Алтер» телеканали ва 1975 йилдан бери чиқа бошлаган «Элефтеротипия» газетаси банкротлик ёқасида турибди. Ҳар икки оммавий ахборот воситаси ходимлари бир неча ойдан бери маош олмаяпти. Мамлакатдаги инқироздан, айниқса, оммавий ахборот воситалари кўпроқ зарар кўряпти. Охирги икки йил ичида ҳудудий матбуотдан 4 минг ходим бўшатилган. Бугун эса Греция радио ва телевидение холдингида ишлаётган тахминан 650 ходимнинг вақтинчалик меҳнат шартномаси тугайди. Журналистларнинг норозилик намойиши порт ишчилари, адвокатлар, врачлар, ўқитувчилар, банк хизматчилари намойишлари билан бир пайтда ўтмоқда.